[1] Авваламбор, насиҳатим шуки, бутун инсоният учун илтижо қилинглар, тоат–ибодатда бўлиб, дуолар ўқинглар, шукроналар айтинглар.
[2] Тақводор, обрў–эътиборли, осойишта, сокин ҳаёт кечиришимиз учун, ҳукмдорлару бошлиқлар учун ибодат қилинглар.
[3] Бу хайрли иш бўлиб, нажоткоримиз Худога мақбулдир.
[4] У ҳамма инсонларнинг нажот топишларини ва ҳақиқатни билиб олишларини истайди.
[5] Зеро, ҳаммамизга маълумки, Худо ягонадир, Худо билан инсонлар орасидаги Воситачи ҳам ягонадир. Бу Воситачи Исо Масиҳдир. У Ўзи инсон эди
[6] Ва бутун инсониятни қутқариш учун Ўз жонини фидо қилди. Шу орқали Худо Ўзи белгилаган пайтда нажот режасини аён этди.
[7] Мен нажот ҳақидаги бу хабарни эълон қилувчи ҳаворий этиб тайинландим. Тўғрисини айтяпман, ёлғон гапираётганим йўқ! Ҳақиқатан ҳам, мен турли халқларга имон ва ҳақиқатни ўргатиш учун юборилганман.
[8] Эркаклар ҳамма жойда қўлларини дуога очиб, чин қалбдан ибодат қилсинлар. Улар ғазаб ва низодан йироқ бўлсинлар.
[9] Хотинлар соддагина, дид билан кийинсинлар. Улар сочига ортиқча оро бермай, олтин ва марварид тақинчоқлар ёки қимматбаҳо кийимлар билан эмас, балки ор–номус билан безансинлар.
[10] Художўй хотинларга муносиб хайрли ишлар билан ўзларига зеб берсинлар.
[11] Таълим берилаётганда, хотинлар сукут сақласин, муаллимнинг гапини икки қилмасин.
[12] Хотин эркакка таълим беришига ва унинг устидан ўз ҳукмини ўтказишига рухсат бермайман. Хотин сокин табиатли бўлсин.
[13] Ахир, олдин Момо Ҳаво эмас, балки Одам Ато яратилган–ку.
[14] Одам Ато эмас, хотин шайтонга алданиб, гуноҳ қилди.
[15] Ўшандан буён, хотинлар туққанда лаънат туфайли дарду азоб чекадиган бўлдилар. Бироқ шунга қарамай, агар улар камтару бамаъни бўлишса, Масиҳга бўлган имонда собит қолиб, меҳр–оқибатли бўлиб, тақводор ҳаёт кечиришса, нажот топадилар.