[1] Худонинг Руҳи яққол айтяптики, охирги замонларда баъзи одамлар имондан қайтадилар. Улар ёлғончи руҳларга ва жинлар таълимотига қулоқ соладилар.
[2] Бундай таълимотни тарқатган одамлар риёкор ва ёлғончидирлар. Уларнинг виждони ўлган, гўё қиздирилган темир билан куйдирилиб йўқ қилинган.
[3] Улар уйланишни ва эрга тегишни ман этадилар, маълум овқатларни тақиқлайдилар. Ҳолбуки, бу овқатларни Худо берган. Ҳақиқатни билиб олган имонлилар Унга шукрона айтиб, ейишлари учун яратган.
[4] Чунки Худо яратган ҳар бир нарса яхшидир. Биз ҳеч бир таомни тақиқламай, шукрона айтиб, ҳаммасини ейишимиз лозим.
[5] Биз овқатимиз учун Худога шукурлар айтганимизда, Худо барча озуқани ҳалол деб эълон қилганини эътироф этган бўламиз.
[6] Сен бу насиҳатларимни биродарларингга ўргатсанг, Исо Масиҳнинг лаёқатли хизматкори бўласан. Ўзинг риоя қилаётган соғлом таълимотни ва имонимизнинг ақидаларини ўзлаштириб, руҳан озиқланиб борасан.
[7] Сафсатабоз кампирларга хос бемаъни афсоналардан юз ўгир. Художўй бўлишга астойдил ҳаракат қил.
[8] Ахир, шундай бир мақол бор–ку: “Жисмоний машқ тана учун фойда берар, художўйлик эса ҳар томонлама фойда келтирар, у дунёю бу дунёда ҳаёт бахш этар.”
[9] Бу гап тўғри ва асослидир, у ҳар жиҳатдан қабул қилинишга лойиқдир.
[10] Одамлар абадий ҳаётга эга бўлишлари учун биз жон–жаҳдимиз билан хизмат қиляпмиз. Барҳаёт Худога умид боғлаганмиз. У барча инсонларнинг, айниқса имонлиларнинг Нажоткоридир.
[11] Сен биродарларга таълим бергин, бу ўгитларга риоя қилишларини уларга ўргатгин.
[12] Ёшсан деб, ҳеч ким сени камситмасин. Аксинча, ҳамманинг ҳурматини қозониш учун сен сўзда, юриш–туришда, меҳр–оқибатда, имонда ва ахлоқда имонлиларга ўрнак бўлгин.
[13] Мен олдингга боргунимча жамоатда Муқаддас битикларни овоз чиқариб ўқишга, насиҳат ва таълим беришга вақтингни бағишла.
[14] Ўзингга берилган инъомга эътиборли бўл, уни ишга сол. Ахир, сен бу инъомингни айтилган башоратлар ва оқсоқоллар устингга қўл қўйиб қилган дуолари натижасида олгансан.
[15] Айтганларимнинг ҳаммасини амалда қўлла. Ўзингни бу вазифага сидқидилдан бағишла, шунда сен Худонинг йўлида шахдам қадам билан, илдамлаб бораётганингни ҳамма кўради.
[16] Ҳаёт тарзингга, нималар ўргатаётганингга эътибор қил. Бу фаолиятингни астойдил давом эттир, шундай қилсанг, ўзингни ҳам, тингловчиларингни ҳам қутқарасан.