[1] Эй азизларим, менда Худонинг Руҳи бор деган ҳар қандай одамга ишониб кетаверманглар. Ҳар бир одамни синанглар, у Худодан ёки Худодан эмаслигини билинглар, чунки дунёда сохта пайғамбарлар кўпайиб кетган.
[2] Одамда Худонинг Руҳи борлигини шундан билиб олсангиз бўлади: Исо Масиҳ инсон бўлиб келганини тан оладиган ҳар бир одам Худодандир.
[3] Буни тан олмайдиган одам эса Худодан эмас. Бундай одамдаги руҳ Масиҳнинг душманида бўладиган руҳдир. Масиҳнинг душмани келиши ҳақида эшитгансизлар. Мана, унда бўладиган руҳ ҳозирданоқ шу дунёдадир.
[4] Сизлар эса, азиз болаларим, Худодансизлар ва сохта пайғамбарларни енгдингизлар. Ахир, ичингиздаги Руҳ дунёдаги шайтондан устундир.
[5] Ўша сохта пайғамбарлар бу дунёдан, уларнинг гапи ҳам бу дунёга тегишли, шунинг учун дунё уларга қулоқ солади.
[6] Биз эса Худоданмиз. Худони таниган одам бизга қулоқ солади, Худодан бўлмаган эса қулоқ солмайди. Ҳақиқат Руҳи билан ёлғон руҳини биз ана шундан фарқлай оламиз.
[7] Эй азизларим, бир–биримизни яхши кўрайлик, чунки севги Худодандир. Севадиган ҳар бир одам Худонинг фарзандидир ва Худони билади.
[8] Севмайдиган одам эса Худони ҳеч қачон билмаган. Ахир, Худо севгидир.
[9] Худо бизга бўлган севгисини шундай намоён қилди: У бизга ҳаёт бериш учун ягона Ўғлини дунёга юборди.
[10] Ҳақиқий севги — бизнинг Худога бўлган севгимиз эмас, балки Худонинг бизга кўрсатган севгисидир. Зеро, Худо бизни гуноҳларимиздан поклаш учун Ўз Ўғлини қурбон қилди.
[11] Азизларим, Худо бизни шу қадар севгани учун биз ҳам бир–биримизни яхши кўришимиз керак.
[12] Ҳеч ким ҳеч қачон Худони кўрган эмас. Агар биз бир–биримизни яхши кўрсак, демак, Худо биз билан бирга ва Унинг севгиси бизда ўзининг мукаммал ифодасини топган.
[13] Худо ҳар биримизга Ўз Руҳини берган. Шундан биламизки, Худо биз билан ва биз Худо билан бирга яшамоқдамиз.
[14] Отамиз Худо Ўз Ўғлини дунёнинг Нажоткори қилиб юборганини биз кўрдик ва бу ҳақда гувоҳлик беряпмиз.
[15] Исони Худонинг Ўғли деб тан олган ҳар бир одам Худо билан бирга яшайди ва Худо у билан бирга яшайди.
[16] Худонинг бизга бўлган меҳр–муҳаббатини биз татиб кўриб, Худо бизни яхши кўришига ишонч ҳосил қилдик. Худо севгидир. Севгини дилига жо қилган киши Худо билан бирга яшайди ва Худо у билан бирга яшайди.
[17] Шу тариқа Унинг севгиси бизда мукаммал ифодасини топади. Шунда биз қиёмат кунини дадиллик билан қаршилаб оламиз, чунки ҳозирданоқ Масиҳ сингари, Худо билан бирга яшамоқдамиз.
[18] Худонинг севгисини ардоқлаган киши қиёмат кунидан қўрқмайди, чунки қалбини тўлдирган Худонинг севгиси бу қўрқувни қувиб чиқаради. Қўрқоқ кишининг қалби эса Худонинг севгисига тўлмаган. Шунинг учун у қиёмат кунидан қўрқиб яшайди.
[19] Биз севамиз, чунки Худо бизни биринчи бўлиб севди.
[20] Агар бирор киши Худони севаман деса–ю, биродаридан нафратланса, у ёлғончидир. Кўриб турган биродарини сева олмаган одам кўрмаган Худони ҳам сева олмайди.
[21] Худони севган одам биродарини ҳам яхши кўриши керак! Бу амрни бизга Худо берган.