Skip to content
Opens in a new window
Listen to this chapter • 5:38

[1] Қаранглар, Отамиз Худо бизни фарзандларим деб, қандай буюк бир севгини кўрсатди! Ҳақиқатан ҳам, биз Унинг фарзандларимиз. Дунё Отамизни ҳеч қачон тан олмаган, шунинг учун бизни ҳам Худонинг фарзандлари деб тан олмаяпти.

[2] Ҳа, азизларим, ҳозир биз Худонинг фарзандларимиз. Аммо келажакда ким бўлишимиз бизга ҳануз очилмаган. Фақат шуни биламизки, ўша пайт келганда, биз Худо сингари бўламиз, чунки Худонинг Ўзини кўрамиз.

[3] Худога бундай умид боғлаган ҳар бир одам Исо Масиҳ сингари пок бўлиши учун ўзини поклайди.

[4] Гуноҳ қилувчи ҳар қандай одам Худога қарши бош кўтарган бўлади, чунки гуноҳ Худога қарши бош кўтармоқ демакдир.

[5] Масиҳ эса гуноҳларимизни ювиш учун келганини биласизлар. Унда гуноҳ йўқлиги ўзингизга аён.

[6] Масиҳ билан яшаган ҳар бир одам гуноҳдан юз ўгиради. Гуноҳ қилиб юрган одам эса, Масиҳни кўрмаган ҳам, танимаган ҳам.

[7] Азиз болаларим, ҳеч ким сизларни алдамасин. Адолатли иш қилувчи ҳар қандай одам худди Масиҳ сингари одилдир.

[8] Гуноҳ қилувчи эса иблис зотидандир. Чунки иблис азалдан гуноҳ қилиб келяпти. Аммо Худонинг Ўғли иблиснинг ишларини барбод қилиш учун келди.

[9] Худонинг болалари гуноҳ қилмайди, чунки Худонинг ҳаётбахш кучи уларнинг ичидадир. Улар Худонинг болалари бўлганлари учун гуноҳда яшамайдилар.

[10] Адолатли иш қилмаган ва ўз биродарини севмаган одам эса Худодан эмас. Демак, иблис болалари билан Худо болаларининг фарқи ана шундадир.

[11] Сизлар бошидан эшитган калом шу: бир–биримизни яхши кўрайлик!

[12] Ёвуз шайтон зоти бўлган Қобилга ўхшамайлик. У ўз укасини ўлдирганди. Нима учун укасини ўлдирди? Чунки унинг ишлари қабиҳ, укасининг ишлари эса тўғри эди.

[13] Эй биродарларим, агар дунё сиздан нафратланаётган бўлса, ҳайратланманглар.

[14] Биз ўлимдан ҳаётга ўтганимизни биламиз, чунки биродарларимизни севамиз. Биродарини севмаган одам эса ўлим исканжасида қолган.

[15] Биродаридан нафратланган ҳар қандай киши қотилдир. Ҳеч бир қотил абадий ҳаётга эга бўлмаслигини биласизлар.

[16] Масиҳ бизлар учун жонини фидо қилди, ана шундан биз ҳақиқий севгини билдик. Демак, биз ҳам биродарларимиз учун жонимизни фидо қилишга бурчлимиз.

[17] Агар ўзимизга тўқ бўлиб туриб, муҳтожликда яшаётган биродаримизни кўрсак–у, унга ёрдам бермай юрагимизни тош қилсак, қандай қилиб бизда Худонинг севгиси жой олади?!

[18] Азиз болаларим, биз ҳақиқий севгимизни қуруқ гап билан эмас, амалда кўрсатайлик.

[19] Шунда биз ҳақиқат аҳли эканимизга ишонч ҳосил қиламиз. Ҳаттоки виждонимиз қийналганда ҳам “Худо ҳамма нарсани билади, У виждонимиздан ҳам улуғ” деган ҳақиқат билан Худонинг ҳузурида ўзимизни тинчлантира оламиз.

[21] Агар виждонимиз бизни қийнамаса, эй азизларим, Худо олдида дадил бўламиз

[22] ва Ундан нима сўрасак, У беради. Чунки биз Унинг амрларини бажариб, Унга манзур бўлган ишларни қиляпмиз.

[23] Худонинг амри эса Унинг Ўғли Исо Масиҳга ишонишдан ва Масиҳ буюрганидек, бир–биримизни севишдан иборатдир.

[24] Худонинг амрларини бажарган одам Худо билан бирга ва Худо у билан бирга яшайди. Худо биз билан яшаётганини У ҳар биримизга берган Руҳидан биламиз.

Юҳаннонинг биринчи мактуби — Chapters