Skip to content
Opens in a new window
Listen to this chapter • 4:22

[1] Орадан маълум вақт ўтгач, Рутга қайнанаси Наима шундай деди: — Қизим, бирортаси билан рўзғор қилсанг, ўзингга яхши бўлармиди. Мен сенга қайлиқ топиб беришим лозим.

[2] Ўша Бўаз бизнинг қариндошимиз, сен унинг чўрилари билан бирга бўлган эдинг–ку. Биласанми, бугун кечқурун у хирмонда арпасини совуради.

[3] Энди сен ювиниб–тараниб, чиройли кийимларингни кий, кейин хирмонга бор. Лекин Бўаз еб–ичиб бўлмагунча, унга кўринма.

[4] У ухлашга ётганда, ётган жойини билиб олгин–да, сўнг бориб оёқ томонини очиб, ўша ерда ёт. Нима қилишни унинг ўзи айтади.

[5] Рут қайнанасига: — Ҳаммасини айтганингиздай қиламан, — деди.

[6] Рут хирмонга жўнади. Етиб келиб, қайнанаси айтгандай қилди.

[7] Бўаз еб–ичди, вақти чоғ бўлди. Сўнг ғарам ёнига бориб ёнбошлади–да, ухлаб қолди. Рут оҳиста келиб, унинг оёқ томонини очиб, ётди.

[8] Ярим кечаси Бўаз чўчиб уйғониб кетди. Қараса, оёқ томонида бир аёл ётибди.

[9] — Кимсан? — деб сўради аёлдан. Рут унга: — Сизнинг чўрингиз Рутман. Чўрингизни паноҳингизга олсангиз, ахир, сиз бизнинг оиламизни паноҳингизга олишга бурчли одамсиз, — деди.

[10] Бўаз Рутга деди: — Сени Худо ёрлақасин, қизим. Оилангга сенинг бу сафарги қилган садоқатинг олдингисидан ҳам аълодир. Сен камбағал ёки бойвачча йигитларнинг ортидан чопмадинг.

[11] Энди хавотирланма, қизим. Айтганларингнинг ҳаммасини муҳайё қиламан. Бутун шаҳар халқи сенинг олижаноб аёл эканлигингни билади.

[12] Тўғри, мен сизларнинг оилангизни паноҳимга олишга бурчли одамман, лекин бу ишга мендан ҳам яқинроғи бор.

[13] Шу кеча ўтсин, ётавер. Агар эртага у киши сенга нисбатан ўз бурчини ўтамоқчи бўлса, майли, сени олаверсин. Борди–ю, ўз бурчини ўташни хоҳламаса, мен ўз зиммамга оламан. Худо ҳақи, мен ўз зиммамга оламан. Эрталабгача ухлайвер.

[14] Лекин тонг пайтида туриб кет, хирмонга келганингни одамлар билмай қўя қолишсин. Рут Бўазнинг оёқ томонида саҳаргача ухлади. Кўз кўрмайдиган, ғира–шира тонг пайтида Рут ўрнидан турди.

[15] Бўаз Рутга: — Шолрўмолингни очиб, ушлаб тур, — деди. Рут шолрўмолини очиб ушлаб турди. Бўаз эса олти тоғора арпа ўлчаб, шолрўмолга солди ва орқасига кўтартириб қўйди. Кейин ўзи шаҳарга жўнаб кетди.

[16] Рут эса қайнанаси олдига қайтди. Қайнанаси ундан: — Нима бўлди, қизим? — деб сўради. Бўаз Рутга қандай муносабатда бўлган бўлса, Рут ҳаммасини қайнанасига айтиб берди.

[17] — У, қайнанангнинг олдига қуруқ қўл билан борма, деб мана бу олти тоғора арпани ҳам бериб юборди, — деди Рут.

[18] Қайнанаси Рутга деди: — Қизим, бу ишлар нима билан тугайди, ҳали билмайсан. Кутиб тургин–чи, у бу ишни бугуноқ охирига етказмай қўймаса керак.

Рут китоби — Chapters