Skip to content
Opens in a new window
Listen to this chapter • 5:56

[1] Наиманинг Бўаз деган қариндоши бўлиб, анчагина обрўли, бадавлат одам эди. У Наиманинг марҳум эри Элималек уруғидан эди.

[2] Бир куни Мўаблик Рут Наимага: — Мен далага бормоқчи эдим. Ким илтифот кўрсатса, ўша даладан бошоқ териб келардим, — деди. — Майли, боравер, қизим, — деди Наима.

[3] Рут кетди. Далага етиб келиб, ўроқчиларнинг орқасидан тўкилган бошоқларни тера бошлади. Қарангки, бу дала Элималекнинг қариндоши Бўазники экан.

[4] Бир пайт Байтлаҳмдан Бўаз келиб қолди. У ўроқчиларга: — Ҳорманглар, Худо сизларга ёр бўлсин! — деди. Улар ҳам: — Бор бўлинг, Худо умрингизга барака берсин! — деб жавоб қайтаришди.

[5] Бўаз ўроқчилар назоратчисига Рутни кўрсатиб: — Бу жувон ким? — деб сўради.

[6] Ўроқчилар назоратчиси: — Бу ўша Мўаблик мусофир, — деди, — Наима билан бирга Мўаб юртидан келган.

[7] У: “Мен ўроқчилар орқасидан юриб, тўкилган бошоқларни териб олсам”, деб сўраган эди. Тонг саҳарда келиб шу чоққача тинмай далада ишлади. Ҳозиргина чайлада бир оз дам олгани ўтирди.

[8] Бўаз Рутга: — Менга қара, қизим, — деди, — бошоқ териш учун бошқа далага бормай қўя қол. Шу ерда менинг чўриларим билан бирга юравер.

[9] Сен фақат хизматкорларим буғдой ўраётган далада бўл, уларнинг орқасидан юравер. Хизматкорларимга тайинлаб қўяман, сенга индашмайди. Чанқасанг, анави идишларда сув бор. Қудуқдан хизматкорларим тортиб олган, ичавер!

[10] Рут ер ўпгудай бўлиб таъзим қилди–да, Бўазга шундай деди: — Нечун назарингизга тушиб, шунчалик меҳрингизга сазовор бўлдим? Мен ахир, келгинди бўлсам, сиз менга шу қадар эътибор беряпсиз.

[11] Бўаз шундай жавоб берди: — Эринг ўлгандан кейин қайнанангга қандай муносабатда бўлганингни менга айтиб беришди. Сен ота–онангни, юртингни ташлаб, илгари ўзингга бегона бўлган халқ орасида яшашга келдинг.

[12] Яхшиликларинг учун Эгамдан қайтсин. Сен паноҳ истаб келган Исроил халқининг Худоси — Эгамдан сенга тўлиқ мукофот бўлсин.

[13] — Сизнинг меҳрингизга сазовор бўлайин, тўрам! — деди Рут. — Сиз мендай чўрингизнинг дилидаги армонларини гапириб, тасалли бердингиз. Лекин мен сизнинг чўриларингиздан биронтаси эмасман–ку.

[14] Тушлик пайти бўлганда Бўаз Рутга: — Бу ёққа кел, нондан ол, мусалласга ботириб егин, — деди. Рут хизматкорлар ёнидан жой олди. Бўаз унга қовурилган донлардан узатди. Рут тўйди ва озроқ орттириб ҳам қолдирди.

[15] Сўнгра Рут яна бошоқ териб олай деб, ўрнидан туриб нарига кетди. Бўаз хизматкорларига шундай буйруқ берди: — У боғламлар орасидан ҳам териб олаверсин, зинҳор хафа қила кўрманглар.

[16] Ҳатто боғламдан атайин ташлаб қолдириб кетинглар. У териб олсин, уни койиманглар.

[17] Шундай қилиб, Рут қош қорайгунча далада бошоқ терди, терганларини янчди. У янчган арпа бир тоғорадан кўпроқ чиқди.

[18] Донни кўтариб, шаҳарга жўнади. У териб келган донни қайнанасига кўрсатди. Рут ўзи тўйгандан сўнг орттириб қолдирган қовурилган донларни қайнанасига берди.

[19] Қайнанаси Рутдан сўради: — Қайда ишладинг? Кимнинг даласидан бошоқ тердинг бугун? Сенга ёрдам кўрсатганни Худо ёрлақасин! Рут кимникида ишлаганини қайнанасига айтди: — Бугун мен ишлаган даланинг эгаси Бўаз деган одам экан, — деди.

[20] Наима келинига: — Уни Худо ёрлақасин! — деди ҳаяжонланиб. — Тирикларга, ҳам марҳумларга содиқ қолиб, марҳаматини дариғ тутмабди. Сўнг: — У киши бизнинг яқин қариндошларимиздан, оиламизни ўз паноҳига олишга бурчли одамлардан, — деб қўшиб қўйди.

[21] Мўаблик Рут ҳам қўшимча қилди: — У менга ҳатто, даламда ўрим–йиғим тугамагунча, менинг хизматкорларим билан бирга юравер, деб айтди.

[22] Наима келинига: — Яхши, қизим, сен унинг чўри қизлари билан юравер. Бегона далага борсанг, сенга озор беришлари мумкин, — деди.

[23] Шу тариқа Рут арпа ва буғдой ўрими тугагунга қадар, Бўазнинг чўри қизлари ёнида бошоқ териб юрар, қайнанаси билан бирга яшарди.

Рут китоби — Chapters