Skip to content
Opens in a new window
Listen to this chapter • 4:35

[1] Санбаллат, Тўвиё, Арабистонлик Гашим ва бошқа душманларимиз деворни қуриб бўлганимни, деворда биронта ҳам ўпирилган жой қолмаганини эшитишди. Лекин дарвозаларнинг қанотларини ҳали ўрнаштириб бўлмаган эдим.

[2] Шунда Санбаллат ва Гашим менга: “Кел, Онў текислигидаги қишлоқлардан бирида учрашайлик”, деб хабар жўнатишди. Лекин улар менга шикаст етказишга қасд қилаётган эдилар.

[3] Шунинг учун уларга хабарчилар орқали шундай жавоб бердим: “Мен муҳим иш билан бандман, бора олмайман. Сизларнинг олдингизга кетсам, иш тўхтаб қолади!”

[4] Улар менга тўрт марта шундай хабар жўнатишди, мен бир хил жавоб беравердим.

[5] Бешинчи марта Санбаллатнинг одами қўлида очиқ мактуб билан келди.

[6] Мактуб шундай ёзилган эди: “Бошқа халқлар орасида шундай миш–мишлар юрибди, Гашим ҳам ўша гапни айтяпти: сен ва яҳудийлар исён қилмоқчи бўлиб, деворни қураётган экансизлар. Хабарларга қараганда, сен яҳудийларнинг шоҳи бўлишни мўлжаллаётган экансан.

[7] Сен Қуддусда пайғамбарлар тайинлабсан. Пайғамбарлар: «Яҳудонинг шоҳи бор», деб сен тўғрингда башорат қилишаётган экан. Бу гап–сўзлар албатта шоҳнинг қулоғига етиб боради. Таклифим шуки, келгин, бу ҳақда маслаҳатлашиб олайлик.”

[8] Мен унга шундай жавоб жўнатдим: “Айтганларингнинг ҳаммаси ёлғон. Ҳаммасини ўзинг тўқиб чиқаргансан.”

[9] Улар бизни қўрқитмоқчи бўлган, “Шундай қилсак, уларнинг қўллари ишдан совийди, ишлари охирига етмай, қолиб кетади”, деб ўйлаган эдилар. Шунинг учун мен: “Эй Худо, менга куч бер!” деб ёлвордим.

[10] Бир куни мен Махитавалнинг набираси, Далоёнинг ўғли Шамаёникига бордим. У уйига беркиниб олган экан. Шамаё менга шундай деди: Кел, Худонинг уйида учрашайлик, Муқаддас хонасига кириб олайлик, Эшикларини беркитиб қўяйлик. Ахир, душманларинг сени ўлдиргани келяптилар, Шу кеча жонингга қасд қилмоқчи бўляптилар.

[11] — Лекин мен шундай жавоб бердим: — Менинг мартабамдаги одам бундай вазиятда қочармиди?! Муқаддас хонада яшириниб олсам, жонимни ҳақиқатан ҳам қутқара оламан, деб ўйлаяпсизми?! Муқаддас хонага ҳечам кирмайман!

[12] Шамаёнинг сўзлари Худодан эмаслигини мен аниқ билдим. Тўвиё ва Санбаллат Шамаёни ёллаганлари учун, у менга шу хабарни берган эди.

[13] Уларнинг бундан мақсади мени қўрқитиш, айтганларини қилдириб, мени гуноҳга ботириш эди. Шунда обрўйим тўкилиб, уларга мазах бўлиб қолардим.

[14] Эй Худойим! Тўвиё билан Санбаллатнинг қилмишларини ёдингда тут. Мени қўрқитмоқчи бўлган пайғамбар аёл Новадиёнинг ва бошқа пайғамбарларнинг қилмишларини унутма, уларнинг жазосини бер.

[15] Шундай қилиб, девор Элул ойининг йигирма бешинчи куни — эллик икки кунда битказилди.

[16] Атрофдаги халқлардан бўлган душманларимиз буни эшитиб, қўрқдилар, хижолатда қолдилар. Чунки бу иш Худойимизнинг мадади билан қилинганини улар билдилар.

[17] Эллик икки кун давомида Яҳудо йўлбошчилари ва Тўвиё бир–бирлари билан мактуб ёзишиб турди.

[18] Чунки Яҳудо юртидаги кўп одам Тўвиёга содиқ эди, бунга икки сабаб бор эди: Тўвиёнинг қайнатаси Орах ўғли Шаханиё эди, Тўвиёнинг ўғли Ёҳуханон эса Бархиё ўғли Машулломнинг қизига уйланган эди.

[19] Ўша одамлар менинг олдимда Тўвиёнинг савоб ишларидан гапиришар, ўз навбатида менинг гапларимни унга етказишар эди. Тўвиё эса мени қўрқитиш ниятида мактуб жўнатарди.

Нахимиё китоби — Chapters