[1] Шоҳ Артахшас ҳукмронлигининг йигирманчи йили, Нисон ойи эди. Бир куни шоҳга шароб келтирилди. Мен шаробни олиб кириб, унга узатдим. Шоҳ қаршисида мен ҳеч қачон ғамгин аҳволда бўлмагандим.
[2] Шунинг учун шоҳ мендан сўради: — Нега ғамгин кўринасан? Касалга ўхшамайсан–ку! Юрагингда бирор дардинг бўлса керак–а? Мен қаттиқ қўрқиб кетдим,
[3] шунга қарамай шоҳга дедим: — Шоҳ ҳазратларининг умрлари узоқ бўлсин. Ота–боболаримнинг қабрлари жойлашган шаҳар ташландиқ бўлиб, ўша шаҳарнинг дарвозалари ёндириб юборилса–ю, нега ғамгин бўлмайин?! —
[4] Шоҳ мендан: — Тилагинг нима? — деб сўради. Шунда мен Самовий Худога ибодат қилиб,
[5] шоҳга шундай жавоб бердим: — Агар шоҳ ҳазратлари маъқул топсалар, бу қулингиз шоҳ ҳазратларидан марҳамат топган бўлса, мени Яҳудо юртига — ота–боболаримнинг қабрлари жойлашган шаҳарга юборсалар, деб илтимос қилмоқчи эдим, токи мен у шаҳарни қайтадан қурайин.
[6] Малика ҳам шоҳнинг ёнида ўтирган эди. Шоҳ мендан: — Қанча вақт йўл юрасан? Қачон қайтиб келасан? — деб сўради. Мен унга қачон қайтиб келишимни айтдим. Шоҳ менга марҳамат қилиб, ижозат берди.
[7] Сўнгра мен шоҳга яна дедим: — Агар шоҳ ҳазратлари маъқул деб топсалар, Фурот дарёсининг ғарбидаги вилоят ҳокимларига мактублар ёзиб берилса, токи Яҳудога кириб боришим учун улар менга ижозат беришсин.
[8] Яна шоҳ ҳазратлари ўрмон қоровули Осифга ҳам мактуб ёзиб, унга кўрсатмалар берсалар, у менга дарахтлар кесиб берсин. Маъбад ёнидаги қалъа дарвозалари учун, шаҳар девори ва ўзим яшайдиган уй учун керак бўладиган ёғоч билан у мени таъминласин. Мен нима сўраган бўлсам, шоҳ ҳаммасига ижозат берди, чунки Худойимнинг марҳамати менга ёр эди.
[9] Шоҳ бир неча лашкарбошисини ва отлиқ сипоҳларини менга ҳамроҳ қилиб жўнатди. Мен Фурот дарёсининг ғарбидаги вилоят ҳокимлари ҳузурига бориб, уларга шоҳнинг мактубларини бердим.
[10] Байт–Хўронлик Санбаллат ва Оммонлик малай Тўвиё: “Исроил халқининг манфаати учун жон куйдирадиган биттаси келибди” деган гапни эшитиб, ғоят ғазабландилар.
[11] Шундай қилиб, мен Қуддусга етиб келдим. Орадан уч кун ўтгач,
[12] тунда ўрнимдан турдим, ёнимга бир нечта шерикларимни олиб, ташқарига чиқдим. Лекин Қуддус ҳақидаги Худо кўнглимга солган режамни ҳеч кимга айтмадим. Мен минган эшакдан бўлак бошқа бирорта ҳайвонни ўзимиз билан олмадик.
[13] Мен тунда Сойлик дарвозаси орқали шаҳардан чиқиб, Аждар булоғига, у ердан Гўнг дарвозасига бордим. Вайрон бўлиб ётган Қуддус деворини, ёниб кетган дарвозаларини кўздан кечирдим.
[14] Сўнгра Булоқ дарвозасига ва Шоҳ ҳовузига бордим. Лекин миниб бораётган эшагим вайроналар орасидан йўл топа олмади.
[15] Шу сабабдан мен Қидрон сойлигига тушдим. Сойлик бўйлаб чиқиб бориб, ўша ердан деворни кўздан кечиришда давом этдим. Сўнг ортимга қайтиб, Сойлик дарвозаси орқали шаҳарга кирдим.
[16] Қаерга борганимни, нима қилаётганимни шаҳар амалдорлари билмасдилар. Мен яҳудийларга, руҳонийларга, йўлбошчиларга, амалдорларга ва ишда қатнашадиган бошқа одамларга ҳали ҳеч гап айтмагандим.
[17] Ниҳоят, энди уларга шундай дедим: “Қанчалар кулфатда қолганимизни ўзларингиз кўриб турибсизлар! Қуддус вайрон бўлиб ётибди, шаҳарнинг дарвозалари ёниб кетган. Келинглар, шаҳар деворини қайтадан қурайлик, шармандали аҳволимиздан қутулайлик.”
[18] Худойимнинг марҳамати менга ёр бўлганини ва шоҳнинг менга айтган гапларини уларга айтиб бердим. Улар: “Қурилишни бошлайлик”, дейишди. Шундай қилиб, улар ишни бошлашга тайёр бўлдилар.
[19] Байт–Хўронлик Санбаллат, Оммонлик малай Тўвиё ва Арабистонлик Гашим буни эшитиб, бизнинг устимиздан кулдилар, нафрат билан шундай дедилар: — Бу қилаётганларингиз нимаси?! Сизлар шоҳга қарши исён кўтаряпсизларми?!
[20] Мен уларга шундай жавоб бердим: — Самовий Худо ишимизнинг барорини беради. Биз, Унинг қуллари, деворни қайта қуришни бошлаймиз. Аммо сизлар бизга гапларингизни ўтказа олмайсизлар, қўлингиздан ҳеч нарса келмайди. Сизлар бизнинг диний маросимларимизда ҳам қатнаша олмайсиз.