[1] Менга қаранглар, эй бойлар, бошингизга тушадиган фалокатлар учун ҳўнграб йиғланглар!
[2] Бойлигингиз чириб кетган, кийимингизни куя еган.
[3] Олтину кумушларингизни занг босган. Бу занг сизга қарши гувоҳ бўлади, у туфайли танангиз Худонинг қаҳри оловида ёнади. Охирзамон келиб қолди, сизлар эса бойлик тўплаш билан оворасизлар.
[4] Сизлар экинларингизни ўрган ўроқчиларни алдаб, иш ҳақини бермадингизлар. Ана, ўша пуллар сизлардан норози бўлиб, нола қилмоқда! Ўроқчиларнинг дод–фиғони Сарвари Оламнинг қулоғига етиб борди.
[5] Сизлар қаршилик кўрсата олмаган айбсиз одамларни қоралаб, қатл қилдингизлар. Бу дунёда маишатга берилиб, ҳузур–ҳаловатда яшадингизлар. Бўрдоқилардай семириб кетдингиз! Мана энди ҳукм кунида сўйилишга тайёр бўлиб қолдингиз!
[7] Эй биродарларим, Раббимиз Исо келадиган кунга қадар сабр–тоқат қилинглар! Ахир, деҳқон ҳам даласи мўл ҳосил етиштиришини кутади. У кузги ва баҳорги ёмғирни пойлаб, қанча сабр–тоқат қилади!
[8] Сизлар ҳам сабр қилинглар. Дадил бўлинглар, чунки Раббимизнинг келадиган куни яқинлашиб қолди.
[9] Биродарларим, маҳкум бўлмаслигингиз учун бир–бирингиздан шикоят қилманглар. Мана, ҳукм қилувчи Раббимиз Исо остонада турибди!
[10] Эй биродарларим, пайғамбарлардан ўрнак олинглар! Улар Эгамизнинг номидан гапириб, азоб–уқубатларга дош берганлар.
[11] Дарҳақиқат, сабр қилган бундай одамларни биз бахтли деб ҳисоблаймиз. Аюбнинг сабр–тоқати ҳақида эшитгансизлар, охирида Эгамиз унга қанчалар барака берганини биласизлар. Ҳа, Эгамиз раҳмдил ва меҳр–шафқатлидир.
[12] Эй биродарларим, энг аввало, қасамхўр бўлманглар! Лафзи йўқ инсон каби, бўлар–бўлмасга осмон ҳақи, ер ҳақи ва бошқа нарса ҳақи, деб қасам ичаверманглар. Жавобингиз “ҳа” ёки “йўқ” бўлсин. Шунда Худо сизларни ҳукм қилмайди.
[13] Орангизда азоб–уқубат чекаётган биронта одам борми? Агар бўлса, ибодат қилсин. Хурсанд бўлгани борми? Худога ҳамду санолар куйласин.
[14] Орангизда касал бўлган борми? Жамоат оқсоқолларини чақиртирсин. Улар ибодат қилиб, Раббимиз Исо номи билан беморнинг бошига зайтун мойини суртсинлар.
[15] Имон билан қилинган ибодат беморни соғайтиради, Раббимизнинг Ўзи унга шифо беради. Агар бемор гуноҳ қилган бўлса, Раббимиз уни кечиради.
[16] Шунинг учун қилган гуноҳларингизни бир–бирингиз олдида тан олинглар, бир–бирингиз учун ибодат қилинглар, шифо топасизлар. Солиҳ одамнинг илтижоси кучли таъсирга эгадир!
[17] Илёс ҳам бизга ўхшаган оддий бир инсон эди. Ёмғир ёғмасин, деб у астойдил илтижо қилди ва ер юзига уч йилу олти ой ёмғир ёғмади.
[18] Сўнг у ёмғир ёғсин, деб ибодат қилди, осмондан ёмғир ёғиб, ер ҳосил берди.
[19] Эй биродарларим, агар орангиздаги бирор киши ҳақ йўлдан озган бўлса, уни тўғри йўлга солинг.
[20] Эсингизда бўлсин, гуноҳкорни ноҳақ йўлдан қайтарган одам ўша гуноҳкорнинг нажот топишига ва беҳисоб гуноҳларининг ювилишига сабабчи бўлади.