[1] Эй биродарларим, ҳаммангиз ҳам устоз бўлаверманглар! Биз, устозлар, жиддийроқ ҳукмга дучор бўлишимиз ўзингизга маълум.
[2] Одамларнинг ҳаммаси кўп хато қилади. Сўзлаётганда хато қилмаган инсон етукдир. У бутун вужудини жиловлай олади.
[3] Биз отларни итоат эттириш учун оғизларига сувлуқ соламиз. Шу орқали уларнинг бутун танасини бошқарамиз.
[4] Мана, кемалар ҳам, қанча улкан бўлмасин ва кучли шамоллар ёрдамида юрмасин, кичкина бир руль билан бошқарилади. Кемачи руль ёрдамида кемани истаган жойга йўналтиради.
[5] Тил ҳам худди шундайдир, тил баданнинг кичкина бир узвидир, аммо катта муаммоларни келтириб чиқаради. Қара, кичкина бир олов бепоён ўрмонни ёндириб юборади!
[6] Тил ҳам оловга ўхшайди. Тил — узвларимиз орасида бир бузғунчи дунё! У бутун вужудимизни булғайди. У дўзахдан алангаланиб, бутун ҳаётимизни ёндиради.
[7] Турли хил ёввойи ҳайвонлар билан қушлар, судралувчи ва денгиз ҳайвонлари инсон зоти томонидан бошқарилган ва бошқарилмоқда.
[8] Аммо тилни ҳеч бир инсон бошқара олмайди. Тиниб–тинчимас бу ёвуз тил заҳри қотилдир.
[9] Биз тилимиз билан самовий Отамиз бўлган Эгамизни олқишлаймиз ва тилимиз билан Худонинг суратида яратилган инсонларни лаънатлаймиз.
[10] Олқиш ва лаънат бир оғиздан чиқади. Эй биродарларим, бундай бўлмаслиги керак!
[11] Ахир, битта булоқдан ҳам ширин, ҳам аччиқ сув оқиб чиқмайди–ку!
[12] Эй биродарларим, анжир дарахти зайтун мевасини берадими?! Ёки ток новдаси анжир тугадими?! Йўқ! Шўр булоқдан ҳам ширин сув оқиб чиқмайди!
[13] Доно ва фаросатлимисиз? Буни ибратли ҳаётингиз орқали намоён қилинг. Ҳар бир ишни камтарлик ва донолик билан бажаринг.
[14] Борди–ю, юрагингизда аччиқ ҳасад ва худбинлик бўлса, дономан, деб мақтанманг. Ўзингизни шундай тутаётган бўлсангиз, ҳақиқатни рад этган бўласиз.
[15] Дунёга ва моддиятга хос бўлган бундай “донолик” Худодан эмас, шайтондандир.
[16] Чунки ҳасадгўйлик ва худбинлик бор жойда жанжал ва ёвузлик ҳукм суради.
[17] Худодан келган донолик эса, аввало покдир. Шунингдек, бу асл донолик тинчликсевар, мулойим, ҳақиқатга бўйсунадиган, меҳр–шафқатли, хайрли ишларга бой, тарафкашлик қилмайдиган, ўта самимийдир.
[18] Тинчлик ўрнатувчилар тинчликни экиб, солиҳликни ўриб оладилар.