[1] Чин кўнгилдан яхши кўрадиган азиз биродарим Гаюсга мен — оқсоқолдан салом!
[2] Азиз дўстим, ҳамма ишларингга Худодан ривож тилайман. Тананг, руҳинг сингари, соғ–саломат бўлсин.
[3] Ҳар сафар биродарларимиз келиб, сенинг ҳақиқатга содиқ қолганингни ва ҳақиқат бўйича яшаётганингни айтишганда, мен ғоят хурсанд бўламан.
[4] Мен учун фарзандларимнинг ҳақиқат бўйича яшаётганларини эшитишдан каттароқ хурсандчилик йўқ.
[5] Азиз дўстим, сен биродарларимизга, ҳатто ўзинг танимаганларга ҳам, доим садоқат билан ёрдам бериб келяпсан.
[6] Улар сенинг меҳрибонлигинг тўғрисида имонлилар жамоатига айтиб юришибди. Бу ишингни давом эттиравер, Худога муносиб тарзда сафардаги биродарларга ёрдам бер.
[7] Ахир, улар Масиҳ номи учун йўлга чиққанлар. Имонсизлардан ҳеч қандай ёрдам олмасликка қарор қилганлар.
[8] Биз бундай одамларни қўллаб–қувватлашимиз керак, шунда ҳақиқатни эълон қилишда уларга ҳамкор бўламиз.
[9] Мен имонлилар жамоатига бир мактуб ёзган эдим. Аммо уларнинг ораларида ўзини катта тутаётган Диотрефес гапларимизга эътибор бермаяпти.
[10] Агар борсам, унинг қилмишларини фош этаман. У биз ҳақимизда ёмон гаплар тарқатиб, туҳмат қилиб юрибди. Бу билан ҳам кифояланмай, биродарларни қабул қилмаяпти, қабул қилмоқчи бўлганларга тўсқинлик қилиб, уларни ҳатто жамоатдан қувиб чиқаряпти.
[11] Азиз биродарим, сен ёмонликка эмас, яхшиликка тақлид қил. Яхшилик қилувчи одам Худодандир. Ёмонлик қилувчи эса Худони кўрмаган.
[12] Демитрус ҳақида эса ҳамма яхши гапирмоқда, унинг ҳаётида ва таълимотида акс этган ҳақиқатнинг ўзи ҳам у томондадир. Биз ҳам у ҳақда яхши фикрдамиз, гапимиз тўғри эканлигини ўзинг биласан.
[13] Сенга айтадиган гапим кўп, аммо уларни сиёҳ билан қоғозга ёзишни истамадим.
[14] Ундан кўра, яқин орада ўзинг билан юзма–юз кўришиб гаплашаман деган умиддаман.
[15] Тинч–омон бўлгин. Дўстларимиз сенга салом йўллаяптилар. У ердаги дўстларимга ҳам номма–ном салом айтиб қўй.