[1] Шундай қилиб, севимли биродарларим, сизларга айтганларим бўйича, Раббимиз Исо билан бўлган муносабатингизда маҳкам туринглар. Азизларим, мен сизларни жуда соғиндим. Сизлар менинг қувончимсиз, фахримсиз!
[2] Эводия ва Синтиха, сизлардан илтимос қиламан, Раббимиз ҳақи якдил бўлинглар.
[3] Эй вафодор ҳамкорим, сендан ҳам ўтинаман, бу аёлларга ёрдам бер, чунки улар мен билан бирга, Климент ҳамда исмлари ҳаёт китобида ёзилган бошқа ҳамкорларим қатори Хушхабарни тарғиб этишда тер тўкдилар.
[4] Ҳар доим Раббимиз Исо туфайли шодланинг! Яна бир бор айтаман, шодланинг!
[5] Ҳаммага нисбатан мулойим бўлинг. Раббимиз яқинда келади.
[6] Ҳеч нарсадан ташвиш қилманглар. Аксинча, ҳар қандай шароитда ибодат ва илтижода бўлиб, ҳар бир муҳтожлигингизни Худонинг олдида миннатдорчилик билан изҳор қилинглар.
[7] Шунда Худо берадиган, инсон хаёлига сиғмайдиган тинчлик Исо Масиҳ орқали сизларнинг юракларингизни ва ўй–хаёлларингизни қўриқлайди.
[8] Энди эса, эй биродарларим, фикр–зикрингиз ҳақиқий, шарафли, тўғри, пок, ёқимли, таҳсинга сазовор нарсаларда бўлсин. Ҳа, олқишга лойиқ, аъло нарсалар ҳақида фикр юритинглар.
[9] Таълимотимни қабул қилдингиз. Энди мендан ўрганганларингизнинг, кўрган–эшитганларингизнинг ҳаммасини бажаринглар. Шунда тинчлик берадиган Худо сизлар билан бирга бўлади.
[10] Сизлар мен учун яна ғамхўрлик қилаётганингиздан жуда хурсанд бўлиб, Раббимиз Исога шукур қиляпман. Албатта, сизлар олдин ҳам мен учун ғамхўрлик қилардингиз, лекин буни кўрсатишга имкониятингиз бўлмаган эди.
[11] Буларни муҳтожликдан айтаётганим йўқ, чунки мен ҳар қандай шароитда борига қаноат қилишга ўрганганман.
[12] Ҳар қандай шароитда ва ҳар ерда ҳам тўқ бўлиш, ҳам оч қолиш, мўл–кўлчилигу муҳтожликда яшаш сирларини ўрганганман. Мен танқисликда ҳам, мўл–кўлчиликда ҳам қандай ҳаёт кечиришни биламан.
[13] Менга куч–қувват берадиган Исо Масиҳнинг мадади билан ҳар нарсани қила оламан.
[14] Нима бўлишидан қатъий назар, сизлар қийинчиликларимга шерик бўлиб яхши қилдингизлар.
[15] Ахир, сиз, Филиппиликлар, ўзларингиз биласизлар–ку, мен сизларга Хушхабарни айтган пайтимдан бошлаб, Македониядан кетганимдан кейин ҳам фақат сизлар менга моддий жиҳатдан ёрдам берардингиз. Сизлардан бошқа ҳеч бир жамоат бундай қилмади.
[16] Ҳатто Салоникада бўлганимда ҳам сизлар бир–икки марта менга ёрдам бериб, эҳтиёжимни қондирдингиз.
[17] Мен сизлардан бирор нарса ундириб олиш ниятида гапираётганим йўқ. Аксинча, сизларнинг фойдангиз кўпайишини кўзлаяпман.
[18] Ҳозир менда керакли ҳамма нарса бор, ҳатто ортиғи билан бор. Эпафродитусдан бериб юборган ҳадяларингизни олдим. Энди ҳеч бир муҳтожлигим қолмади. Бу ҳадяларингиз хушбўй назрдай, Худога маъқул бўладиган ёқимли қурбонлик кабидир.
[19] Худойим Ўзининг ажойиб бойлиги билан Исо Масиҳ орқали сизларнинг ҳар бир эҳтиёжингизни қондиради.
[20] Отамиз Худога абадулабад шон–шарафлар бўлсин! Омин.
[21] Исо Масиҳга тегишли бўлганларнинг ҳаммасига салом айтиб қўйинг. Ёнимдаги биродарлар ҳам сизларга салом айтяпти.
[22] Худонинг азизлари бўлганларнинг ҳаммаси, айниқса Қайсар хизматида бўлганлар, сизларга салом йўллаяптилар.
[23] Раббимиз Исо Масиҳнинг инояти сизларга ёр бўлсин!