Skip to content
Opens in a new window
Listen to this chapter • 6:31

[1] Сарвари Олам шундай дейди: “Эй руҳонийлар, энди сизларга амрим шудир: Менга қулоқ солинг. Чин юракдан номимни улуғланг. Акс ҳолда, устингизга лаънатлар ёғдираман, баракаларингизни лаънати қиламан. Дарвоқе, баракаларингизни лаънатлаб бўлдим ҳам, чунки биронтангиз огоҳимга эътибор бермадингиз.

[3] Мен фарзандларингизни жазолайман. Қурбонликларингизнинг ичакларидан чиққан ахлатни бетларингизга сочаман, ўша ахлатга қўшиб, ўзларингизни ҳам ахлат уюмига ташлаб юбораман.

[4] Шунда бу амрни сизларга Мен берганимни билиб оласизлар. Мен бу амр орқали ота–бобонгиз Леви ва унинг насллари билан тузган аҳдимни мустаҳкам қилмоқчи эдим, — дейди Сарвари Олам.

[5] — Леви қабиласи билан қилган ўша аҳдим фаровон ҳаёт аҳди эди. Мен левиларнинг қалбига қўрқувни солиб қўйдим, улар Мендан қўрқишарди, номимни бениҳоя иззат этишарди.

[6] Улар кўрсатмаларимни халққа бузмасдан етказишарди, адолатли ҳукм чиқаришарди. Софдиллик ва тўғрилик йўлларида Менга ҳамроҳ эдилар, кўпларни гуноҳдан қайтардилар.

[7] Руҳонийнинг вазифаси одамларга тўғри таълим беришдир. Одамлар унинг олдига маслаҳат сўраб боришлари керак, ахир, Мен Сарвари Оламман, у Менинг элчимдир.

[8] Аммо, эй руҳонийлар, сизлар йўлимдан оғдингизлар, ўз кўрсатмаларингиз билан кўпларни йўлдан урдингизлар. Леви қавми билан тузган аҳдимни барбод қилдингизлар, — дейди Сарвари Олам.

[9] — Мен эса сизларни хўрладим, барча халқлардан пастроқ қилдим. Сизлар Менинг йўлимдан юрмаяпсиз, қонун масаласида тарафкашлик қиляпсиз.”

[10] Ҳаммамизнинг Отамиз бир эмасми?! Ҳаммамизни бир Худо яратган эмасми?! Нега энди биз бир–биримизга садоқатсиз бўлишимиз керак?! Нега Худо ота–боболаримиз билан тузган аҳдни булғашимиз керак?!

[11] Эй Яҳудо халқи, сизлар садоқатсизлик қилдингиз. Қуддусда ҳамда бутун юртда жирканчли ишларга қўл урдингиз. Ҳа, Эгамиз яхши кўрадиган Маъбадни булғаб, бегона худоларга топинадиган қизларга уйландингиз.

[12] Эгамиз бундай ишларга қўл урган ҳар бир одамни халқимиз орасидан йўқ қилсин. Ундай одамлар Сарвари Оламга назрлар келтирмасин.

[13] Сизлар яна шундай қиляпсиз: Эгамизнинг қурбонгоҳини кўз ёшлар билан ювяпсиз, фарёд қилиб фиғон чекяпсиз, чунки Худо назрларингизни қабул қилмаяпти, У булардан мамнун эмас.

[14] “Нима учун?” деб сўрайсиз. Чунки сизлар ёшлик чоғингизда уйланган хотинингизга бевафолик қилдингиз. Ахир, у сизнинг умр йўлдошингиз, никоҳ аҳдингиздаги хотинингиз–ку! Эгамизнинг Ўзи сизларнинг орангизда гувоҳдир.

[15] Эҳтиёт бўлинг, орангизда ҳеч ким ўз хотинига хиёнат қилмасин. Худо сизларни бир тану бир жон қилган–ку! Энди Худо сизлардан нимани кутяпти? Ҳақиқий художўй фарзандларни кутяпти.

[16] “Хотинидан нафратланиб, ундан ажрашган эркак ўз ҳимояси остида бўлган хотинига шафқатсизлик қилган бўлади”, — дейди Исроил халқининг Худоси — Эгамиз. “Шу боис ҳушёр бўлинглар, хиёнат қилманглар”, — дейди Сарвари Олам.

[17] Сизлар гапларингиз билан Эгамизни чарчатиб юбордингизлар–ку, яна: “Қандай қилиб Уни чарчатибмиз?” деб сўрайсизлар. Сизлар: “Ёмонлик қилган ҳаммани Эгамиз яхши кўради, улардан мамнун бўлади. Қани, адолат Худоси борми ўзи?!” деб айтасизлар. Бу гапларингиз билан Эгамизни чарчатяпсизлар.

Малаки пайғамбарнинг китоби — Chapters