Skip to content
Opens in a new window
Listen to this chapter • 6:45

[1] Яҳудо ва Бенямин қабиласининг ғанимлари: “Сургундан қайтиб келганлар Исроил халқининг Худоси — Эгамиз Маъбадини қайта қураётган эканлар”, деган хабарни эшитиб қолишди.

[2] Улар Зарубабелнинг ва уруғбошиларнинг олдига келиб, шундай дедилар: “Биз ҳам сизларга қўшилиб Худойингизнинг уйини қурайлик, чунки биз ҳам, сизлар сингари, Худойингизга сажда қиламиз. Оссурия шоҳи Исархаддўн бизни бу ерга олиб келгандан буён Худойингизга қурбонлик қилиб келяпмиз.”

[3] Лекин Зарубабел, Ёшуа ва Исроилнинг бошқа уруғбошилари уларга шундай деб жавоб бердилар: “Сизлар Худойимизга уйни биз билан бирга қурмайсизлар. Исроил халқининг Худоси — Эгамиз учун уйни ўзимиз қурамиз. Форс шоҳи Куруш буни бизга буюрган.”

[4] Шундан кейин маҳаллий халқдан бўлган бу ғанимлар Яҳудо халқини саросимага солиб, қўрқитишга ва қурилиш ишларидан қайтаришга ҳаракат қилишди.

[5] Улар амалдорларга пора бериб, Форс шоҳи Курушнинг бутун ҳукмронлиги давомида Маъбадни қайта қуриш режаларига қаршилик қилиб келдилар. Бу аҳвол то Доро тахтни эгаллаб, Форс шоҳи бўлгунга қадар давом этган эди.

[6] Бир неча йилдан кейин шоҳ Ахашвераш тахтга чиқди. Ахашвераш ҳукмронлигининг бошларида, ғанимлар Яҳудо юрти ва Қуддус шаҳрида яшаётган яҳудийларга қарши айбнома ёздилар.

[7] Ҳатто кейинроқ — Форс шоҳи Артахшас ҳукмронлиги даврида ҳам Бишлам, Митрадот, Тўвал ва уларнинг бошқа шериклари шоҳга мактуб ёздилар. Мактуб орамийча ёзилиб, таржима қилинди.

[8] Кейин ҳоким Рахум ва котиб Шимшай ҳам шоҳ Артахшасга Қуддус аҳолисини қоралаб мактуб ёзди. Мактуб шундай сўзлар билан бошланган эди:

[9] “Ҳоким Рахумдан, котиб Шимшайдан ва уларнинг бошқа шериклари — ҳакамлар, йўлбошчилар, амалдорлар, Эрахликлар, Бобилликлар, Шушанликлар, яъни Элам халқидан,

[10] шунингдек, улуғ ва қудратли шоҳ Ўснапар Самария шаҳарларига ва Фурот дарёсининг ғарбидаги вилоятга олиб келиб ўрнаштирган турли халқлардан мактуб.”

[11] Улар юборган мактубнинг мазмуни қуйидагича эди: “Шоҳ Артахшас жаноби олийлари! Биз — Фурот дарёсининг ғарбидаги вилоятда истиқомат қилувчи қулларингиз сизга салом йўлламоқдамиз.

[12] Жаноби олийларига шу нарса маълум бўлсинким, сизнинг қўл остингиздаги бошқа ўлкалардан Қуддусга келиб ўрнашган яҳудийлар исёнкор, бехосият шаҳарни қайтадан тикламоқдалар. Улар пойдевор ётқизиб, тез орада шаҳар деворларини ҳам қуриб тугатадилар.

[13] Жаноби олийларини шундан хабардор қилмоқчимизки, агар шаҳар қайтадан қурилиб, деворлари ҳам битса, яҳудийлар ўлпон, солиқ ва хирож тўламай қўядилар. Натижада шоҳликнинг даромади камайиб кетади.

[14] Саройнинг тузига биз ҳам шерик бўлганимиз учун шоҳимизнинг шарманда бўлишига қараб ўтиришимиз бизга тўғри келмайди. Шунинг учун мактуб жўнатиб, шоҳимизни хабардор қилмоқчи бўлдик.

[15] Сиз фармон беринг: ота–боболарингизнинг йилномаларини кўриб чиқишсин. Бу шаҳар ғалаён макони бўлганини ўша йилномалардан топасиз. Бу шаҳар илгаридан ҳукмдорлар ва вилоят ҳокимларига қарши бош кўтариб, кўп муаммолар туғдирган, шу сабабли вайрон қилинган эди.

[16] Биз жаноби олийларига шуни маълум қилиб қўймоқчимизки, агар бу шаҳар қайта қурилиб, деворлари битса, Фурот дарёсининг ғарбидаги бу вилоятга эгалик қила олмай қоласиз.”

[17] Шоҳ қуйидагича жавоб жўнатди: “Самарияда ва Фурот дарёсининг ғарбидаги вилоятда истиқомат қилаётган ҳоким Рахумга, котиб Шимшайга ва уларнинг бошқа шерикларига салом йўллайман.

[18] Сизлар менга юборган мактуб ҳузуримда таржима қилиниб, ўқиб эшиттирилди.

[19] Шундай қилиб, менинг фармонимга биноан, текширув олиб борилди ва бу шаҳар олдиндан шоҳларга қарши исён кўтаргани аниқланди. Ҳақиқатан ҳам, бу шаҳар исёну ғалаён макони бўлган экан.

[20] Қуддусда қудратли шоҳлар бўлган экан. Улар Фурот дарёсининг ғарбидаги барча юртларни бошқарган эканлар, ўша юртлардан ўлпон, солиқ ва хирож йиққан эканлар.

[21] Шунинг учун яҳудийларга буюринглар, ишни тўхтатсинлар. Мен фармон бермагунимча шаҳар қайта қурилмасин.

[22] Ҳушёр бўлинглар: менинг манфаатимга зарар келтирадиган иш бошқа қилинмасин.”

[23] Шоҳ Артахшаснинг мактуби Рахум, котиб Шимшай ва уларнинг шериклари ҳузурида ўқилгач, улар шоша–пиша Қуддусга бордилар, шаҳар қурилишини тўхтатишга яҳудийларни мажбурладилар.

[24] Худонинг Қуддусдаги уйини қайта қуриш ишлари тўхтатилган эди. Форс шоҳи Доро ҳукмронлигининг иккинчи йилигача у ерда ҳеч қандай иш қилинмади.

Эзра китоби — Chapters