Skip to content
Opens in a new window
Listen to this chapter • 4:29

[1] Яҳудо шоҳи Ёҳайиқим ҳукмронлигининг учинчи йилида Бобил шоҳи Навухадназар Қуддусга қўшин тортиб келиб, шаҳарни қамал қилди.

[2] Раббий Ёҳайиқимни Навухадназарнинг қўлига берди. Навухадназар Худонинг уйидаги айрим идишларни ўлжа қилиб, Бобил юртига олиб борди–да, идишларни ўз худосининг уйидаги хазинага жойлаштирди.

[3] У саройнинг бош мулозими Ашнапазга шундай буйруқ берган эди: “Исроил халқидан олинган асирлардан шоҳ ва зодагонларнинг оилаларига мансуб бўлган

[4] йигитларни олиб кел. Улар ёш, жисмонан соғлом, хушқомат, зеҳни ўткир, қобилиятли, фаросатли, хуллас, шоҳ саройида хизмат қилишга лаёқатли бўлишсин. Сен уларга бобил тилини ва адабиётини ўргатишинг керак.

[5] Ҳар кунги егулик билан шароб уларга менинг дастурхонимдан берилсин. Улар уч йил таълим олишгач, менинг ҳузуримда ҳозир бўлишлари лозим.”

[6] Танланганларнинг орасида Яҳудо қабиласидан бўлган Дониёр, Ханониё, Мишаил ва Озариё исмли ўспиринлар бор эди.

[7] Бош мулозим уларнинг исмларини ўзгартириб, Дониёрни — Белташазар, Ханониёни — Шадрах, Мишаилни — Мешах, Озариёни эса Абеднаху деб атади.

[8] Дониёр шоҳона егулик ва шаробдан булғанишни хоҳламади. Бу таомлардан у воз кечмоққа аҳд қилиб, бош мулозимдан бунинг учун ижозат сўради.

[9] Худонинг иродаси билан Дониёр бош мулозимнинг мурувватию илтифотига сазовор бўлган эди.

[10] Аммо бош мулозим Дониёрнинг таклифини эшитиб лол қолди ва деди: “Йўқ, егулик билан ичимликларни сизларга шоҳ ҳазратларининг ўзлари белгилаганлар. Ҳазратимнинг буйруқларидан бош тортишдан қўрқаман. Борди–ю, кўринишларинг тенгдошларингникидан ёмонроқ бўлса, менинг жонимни хавф остига қўйган бўласизлар.”

[11] Кейин Дониёр бу масала хусусида бош мулозим тайинлаган соқчи билан гаплашди, чунки бу соқчи Дониёр ва унинг уч оғайниси учун масъул бир одам эди. У соқчига шундай деди:

[12] “Илтимос, қулларингизни ўн кун давомида синаб кўринг. Бизга егани сабзавот, ичгани сув беринг.

[13] Кейин эса бизни шоҳона егуликни еган йигитлар билан солиштириб кўринг, сўнг билганингизни қилаверинг.”

[14] Соқчи рози бўлиб, уларни ўн кун давомида сабзавотлар билан боқди.

[15] Ўн кун ўтгач, уларнинг гавдалари тўлишиб, шоҳона егулик еган бошқа йигитлардан анча кўркам бўлди.

[16] Шундай қилиб, соқчи уларнинг шоҳона егуликлари ва шаробини ўзига олиб қолиб, уларга фақат сабзавотлар берадиган бўлди.

[17] Худо бу тўртта йигитга адабиёт ва фалсафанинг ҳар соҳасини фаҳмламоқ учун билим ва истеъдод берган эди. Бундан ташқари, Дониёр турли хил ваҳий ва тушларни таъбирлаш қобилиятига эга эди.

[18] Шоҳ белгилаган муддат тугагач, бош мулозим ҳамма йигитларни Навухадназар ҳузурига олиб борди.

[19] Шоҳ уларнинг ҳар бири билан суҳбатлашди. Улар орасида ҳеч ким Дониёр, Ханониё, Мишаил ва Озариёга тенг кела олмасди. Шунинг учун шоҳ уларни ўз саройида олиб қолди.

[20] Шоҳ қандай савол бермасин ва қандай жумбоқни ечишни сўрамасин, уларнинг билими ва донолиги бутун шоҳликдаги фолбину мунажжимларникидан ўн баробар зиёда эди.

[21] Дониёр саройда шоҳ Куруш ҳукмронлигининг биринчи йилигача хизмат қилди.

Дониёр пайғамбарнинг китоби — Chapters