Skip to content
Opens in a new window
Listen to this chapter • 3:52

[1] Раббимиз Исо Масиҳнинг келиши ва бизнинг У билан бирга бўладиган кунимиз ҳақида қуйидагиларни айтсак: биродарлар, сизлардан ўтиниб сўраймиз,

[2] Раббимиз келибди деган гаплар бошингизни айлантирмасин, сизларни хавотирга солмасин. Эҳтимол, бундай гаплар башорат орқали, бирор хабар ёки худди биз ёзган хатга ўхшаш бир хат орқали келиб чиққандир.

[3] Ҳеч ким сизларни ҳеч қандай усул билан алдамасин. Кўпчилик Худога қарши бош кўтармагунча ва қабиҳ одам келмагунча, ўша кун келмайди. Ўша одам ҳалокатга маҳкум қилинган.

[4] У ҳар қандай “худо” деб аталган ва сажда қилинган нарсага қарши чиқиб, ўзини улардан устун қўяди. Ҳаттоки, Худонинг Маъбадида ўтириб олиб, ўзини худо деб атайди.

[5] Сизлар билан бўлганимда шуларни айтганим эсингизда йўқми?

[6] Ўша қабиҳ одамни ҳозир нима тутиб турганини ўзингиз биласиз. Бу одам белгиланган вақтда зоҳир бўлади.

[7] Ҳа, қабиҳликнинг яширин кучи аллақачон ишга тушган. Бироқ бир зот бу кучни тийиб турибди. Ўша зот олиб ташлангандан кейин,

[8] қабиҳ одам ошкор қилинади. Уни Раббимиз Исо бир нафас билан ҳалок қилади. Раббимиз келганда, Ўз улуғворлигининг ёрқинлиги билан уни йўқ қилиб ташлайди.

[9] Ўша қабиҳ одам шайтоннинг кучи билан келади. Қудратини кўрсатиб, ҳар хил мўъжизаю ажойиботлар қилади.

[10] Ҳалок бўлаётганларни турли макр–ҳийлалар билан алдайди. Улар нажот берадиган ҳақиқатни рад қилганлари учун, уни севмаганлари учун ҳалок бўляптилар.

[11] Мана шунинг учун Худо уларни адаштирадиган бир кучга топшириб қўяди. Шунда улар ёлғонларга ишониб юраверадилар.

[12] Натижада, ҳақиқатга ишонмай, ёвузликдан завқ топганларнинг ҳаммаси ҳукм қилинади.

[13] Эй Эгамиз севган биродарлар! Сизлар учун ҳар доим Худога шукр қилишни бурч деб биламиз. Ахир, Муқаддас Руҳ кучи билан поклансин ва ҳақиқатга ишонсин деб, Худо сизларни бошиданоқ нажот учун танлаган эди.

[14] Раббимиз Исо Масиҳнинг улуғворлигидан баҳраманд бўлишингиз учун биз айтган Хушхабар орқали Худо сизларни чақирди.

[15] Шунинг учун, эй биродарлар, имонингиз қатъий бўлсин. Биз гапларимиз ва хатларимиз орқали сизларга ўргатган ҳақиқатни маҳкам тутинглар.

[16] Бизни севадиган, Ўз инояти билан бизга тенгсиз жасорат ва барқарор умид берган Отамиз Худо ва Раббимиз Исо Масиҳнинг Ўзи

[17] сизларга далда берсин, ҳар бир қилган яхши ишингиз ва сўзингизда сизларга куч ато қилсин.

Павлуснинг Салоникаликларга иккинчи мактуби — Chapters