[1] Энди ҳар қандай ёмон ният, ҳийла–найранг, иккиюзламачилик, рашк–ҳасад ва ғийбатни ўзингиздан соқит қилинглар.
[2] Янги туғилган чақалоқ соф она сутини тусагандай, сизлар ҳам Худо каломига ташна бўлинглар. Калом билан озиқланиб, улғайиб, нажотга эришинглар.
[3] Ахир, сизлар Раббимиз Исонинг мурувватидан баҳраманд бўлдингизлар.
[4] Инсонлар рад этган, лекин Худо қимматбаҳо деб танлаган тирик тошга — Раббимиз Исога яқинлашинглар.
[5] Шунда ўзларингиз ҳам тирик тошлардай бўласизлар. Худо сизлардан руҳий маъбад барпо этади. Сизлар муқаддас руҳонийлар бўлиб хизмат қиласизлар ва Исо Масиҳ орқали Худога мақбул руҳий қурбонликлар келтирасизлар.
[6] Зеро, Муқаддас битикларда Худо шундай деган: “Мана, Мен жойлаштиряпман Қуддусда Танланган, қимматбаҳо тамал тошини. Унга таянган ҳеч бир инсон уятга қолмайди.”
[7] Сизлар — Масиҳга ишонганлар учун бу тош қимматбаҳодир. Аммо ишонмаганларга Муқаддас битиклардаги шу сўзлар тўғри келади: “Бинокорлар рад этган тош Бинонинг тамал тоши бўлди. Баъзилар бу тошга қоқинади, Унинг дастидан йиқилади.”
[8] Имонсизлар Хушхабарни рад этиб, итоатсизлик қилганлари учун қоқинадилар. Улар ана шу қисматга маҳкум бўлганлар.
[9] Аммо сизлар — танланган бир насл, руҳонийлар шоҳлиги, муқаддас қавм, Худонинг азиз халқисиз. Худо сизларни зулматдан Ўзининг ажойиб нурига даъват этган, Унинг буюк ишларини эълон қилишингиз учун сизларни танлаган.
[10] Сизлар бир вақтлар Худога бегона эдингизлар, энди эса Унинг халқисизлар. Бир вақтлар Худонинг марҳаматидан бебаҳра эдингизлар, энди эса Ундан марҳамат топдингизлар.
[11] Эй азизларим, сизлардан ўтиниб сўрайман, жонга қарши курашадиган нафс эҳтиросларидан сақланинглар. Ахир, сизлар бу дунёда ғарибу мусофирсизлар.
[12] Имонсизлар орасида Худога муносиб ҳаёт кечиринглар. Улар сизларни ёмонликда айбласалар–да, эзгу ишларингизни кўриб, ким билсин, балки тавба қилишар ва қиёмат куни Худони улуғлашар.
[13] Инсонлар томонидан ўрнатилган ҳар қандай ҳокимиятга, Эгамиз ҳақи–ҳурмати, бўйсунинглар. Олий ҳоким бўлган шоҳга ҳам,
[14] у тайинлаган ҳокимларга ҳам итоат қилинглар. Зеро, ҳокимлар ёмонлик қилганларни жазолаш учун, яхшилик қилганларни эса тақдирлаш учун тайинланган.
[15] Сиз ҳақиқатни билмаган нодон одамларнинг оғизларини қилган яхшилигингиз билан ёпинглар, чунки бу Худонинг хоҳишидир.
[16] Озод одамлардек яшанглар, аммо озодлик ниқоби остида ёмонлик қилманглар. Худонинг қулларидай ҳаёт кечиринглар.
[17] Ҳамма одамларни ҳурмат қилинглар. Имонли биродарларингизни яхши кўринглар. Худодан қўрқинглар, давлат раҳбарига иззат–эҳтиром кўрсатинглар.
[18] Эй қуллар, Худодан қўрққанингиз учун хўжайинларга итоат қилинглар. Нафақат меҳрибон ва мулойимларга, балки қаттиққўл хўжайинларга ҳам бўйсунинглар.
[19] Агар сизлар Худони мамнун қилмоқчи бўлиб, тўғри иш қилсангиз–у, ноҳақ азобларга чидасангиз, Худони рози қилган бўласиз.
[20] Борди–ю, қилган гуноҳингиз учун таёқ еб чидасангиз, бу сизга шараф келтирармиди?! Аммо яхшилик қилиб туриб, ноҳақ азобларга чидасангиз, Худонинг мақтовига сазовор бўласиз.
[21] Ҳатто азоб чекканингизда ҳам Худо сизларни яхшилик қилишга даъват этган. Масиҳ сизлар учун азоб чекиб, намуна бўлди. Унга тақлид қилинглар.
[22] Ахир, У ҳеч қандай гуноҳ қилмаган, оғзидан бирон ёлғон сўз чиқмаган.
[23] У ҳақорат қилинганда ҳеч кимга ҳақорат билан жавоб қайтармади, азоб чекканда ҳеч кимга таҳдид қилмади. Фақат одилона ҳукм қиладиган Худога Ўзини топширди.
[24] У гуноҳларимизни Ўзига олди, аъзои бадани ёғочда азоб чекди. Шу туфайли биз гуноҳ учун ўлганмиз ва солиҳ ҳаёт кечира оламиз. Унинг яраларидан биз шифо топдик.
[25] Илгари сизлар адашиб юрган чўпонсиз қўйларга ўхшар эдингизлар, энди эса жонларингизнинг посбони бўлган Чўпонга қайтиб келдингизлар.